«Жондан азиз синглим Қумри!
Мактубингга жавоб ёзаман. Шунинг учун ёзаманки, кечаси соат тўртда эслаб хат ёзганинг учун ёзаман, яна шунинг учунки, ёш қалбингни бахтсиз маҳбус учун эзиб, ширин уйқунгни бемаъни саргузаштим билан бузганим учун ёзаман. Кўнглингни паришон қилиб, уйқусиз тонг оттирганинг учун ёзаман…
Хат ёзмаганимга сабаб умидсизлик эмас, аксинча умидим порлоқ ва юксак. Очиғини айтсам, аччиқ турмушнинг аламли азобидан куйловчи мактубим садоси билан сен каби меҳрибонларим кўнглини йиғлатишдан сақланиш мақсадида хат ёзишдан кечдим…
Юракни тош қилиб бўлса-да унутишларизни сўрайман. Разил ҳаётга кўникиб қолганимда ширин турмушни эслатмасангиз эди. Мен учун тўккан кўз ёшларингизни эслар эканман, қалбим сиқилади, бахтсизлигим гавдаланиб кўз олдим қоронғулашадида, туғилганимга қасам ичиб, бор дунёдан кечгим келади…
Қумри, раҳминг келса яна қайта сўрайманки, мени эсдан чиқар, ортиқ мени қийнаб юрагимни эзма…
Эҳтимол, тез кунда кўришармиз. 51-йилга ҳам кўп қолмади. Ўзини менга яқин тутган қариндош ва ёр-дўстларга олдинги хатимда охирги саломимни қўндирган эдим. Яна қайтаришга ўрин йўқ. Опангга айтгинки, мени илтимосимни унутмасин!
Чор-ночор хайрлашиб қолувчи: Акмал»
Боенгол. 22.Х11.46.
МУАЛЛИФДАН: Бу хатни мен тасодифан топиб олдим. Шу ҳолида, имлоларини тузатмай, сизга ҳавола этдим.
Эҳтимол, бу мактуб Қумри исмли муштипар аёлга акасидан ёлғиз ёдгордир. Агар шундай бўлса, мен уни эгасига қайтараётганимдан ҳурсандман.
— Умр нима, эй одам?
— Умр йўлдир бир қулоч.
— Армон нима, эй одам?
— Армон ҳам бир эҳтиёж.
— Омад нима, эй одам?
— Айвондаги қалдирғоч.
— Орзу нима, эй одам?
— Бўлди, менинг қорним оч...
— Ёлғон нима, эй одам?
— Ёлғон — ўт ўсмас дала.
— Ҳақ нимадир, эй одам?
— Ҳақиқат — етим бола...
— Севги нима, эй одам?
— Севгига йўқ ҳафсала.
— Бахт нимадир, эй одам?
— Бахт — бир коса атала...
— Толкосада атала...
— Толкоса нима, эй одам?
— Толкоса ҳаёт, жўра.
— Атала нима, эй одам?
— Сталин бобонгдан сўра!..
* * *
Соқовни қамашди,
Соқов «душман»ни,
Сиёсий саводсиз,
Анқов душманни...
Қамашди,
Бир кунда,
Пайсалга солмай.
Айби аниқ эди,
Айби маълум эди,
У доҳий отини
Тўғри айтолмай,
Ҳамманинг олдида
«Ишталин» деди!
Соқчига мўлтирар
Соқов,
Қалтирар,
Ўлдиришар энди,
Уни ўлдирар.
Қолди уй,
Қолди — ғурбатхонаси.
Ғурбатхонасида —
Қари онаси.
Яна бир зот кетди,
Шундай қилиб —
Соқовнинг бошига
Етди ўз тили...
Ўрмонда отишди,
Қор эди қалин.
Йиқилди.
Ҳайқириб,
Яшаш-шин Ишта-лин!
Соқовни отишди,
Анқовлиги учун.
Тўғрироғи —
Туғма
Соқовлиги учун.
Қирқ йил бўлди бунга.
Эллик йил бўлди-ёв.
Мана энди,
Соқовнинг онаси —
Ҳақиқий соқов!..
Соқов дудуқ эди
Мундай олганда.
Тиллашса бўларди
Ўлмай қолганда.
«Сибирдаги саргардонлик йилларим бир ҳамюртим билан учрашиб қолдим. Йиғлаб кўришдик. Ҳол-аҳвол сўрашдик. Мен уни ҳам ўзимга ўхшаб беайб бадарға бўлганлардан бири эканлигини сезиб турсам ҳам сўрадим:
— Сизни нега камадилар, биродар?
— Сулаймон Азимовнинг «думи»сан, деб!
— Кимнинг-кимнинг?
— Айтдим-ку, Азимовнинг…
Анчадан кейин бироз ўзимга келиб, секин бориб елкасидан қучдим:
— Уни танийсизми?
— Йўқ, кўрмаганман…
— Унда келинг, танишволайлик, — дедим. — Менман ўша сиз айтган одам!..»
Марказқўмнинг собиқ котиби Сулаймон Азимовнинг хотираларидан.
* * *
Ўттиз еттинчи йил кашфи сизга мана —
Эркакларга алоҳида қамоқхона,
Аёлларга алоҳида қамоқхона,
Болаларга алоҳида қамоқхона...
Ўттиз еттинчи йил кашфи булар бари —
Кўринмасу даҳшат солиб шарпалари,
Келса — яқин келмай, кетса — кетмай нари,
Изғиб юрар Лаврентийнинг лайчалари.
Бу ўлкада энди норғул йигитлар йўқ,
Бойқушлар бор, калхатлар бор — бургутлар йўқ,
Не-не Сулаймонлар, Абдулҳамидлар йўқ,
Қайтармикин? Қайтмоғига умидлар йўқ...
Бедарак йўқолди қанча одам, эсиз,
Сўроқларда ўлди қанча одам, эсиз,
Қийноқларда ўлди қанча одам, эсиз,
Сиртмоқларда қолди қанча одам, эсиз...
…Унинг учун қамоқхонада энг тансиқ нарса қоғоз эди. У ҳамма жойдан фақат қоғоз қидирарди. Бир дақиқа сайрга олиб чиқишса, деворлар тагида сарғайиб, ғижим бўлиб ётган бир парча қоғоз топиб олиб, боши осмонда, яна зах хонага қайтарди. Тергов пайтида ҳам илинжи шу. Овқат пайти ҳам.
Ана шундай минг машаққатлар билан йиққан қоғозлари бир куни қўлёзмага айланди. Энди уни нима қилиб бўлса ҳам ташқарига,
одамларга етказиш зарур эди. Лекин қандай қилиб?
У турма бошлиғига мурожаат қилди. Мени қабул қилишингизни сўрайман, деб қайта-қайта сўрайверди. Ниҳоят бошлиқ зерикди.
Қаҳратон қиш кунларининг бирида бошлиқ иссиқ печка олдида, оёқларини чалиштириб ўтириб, унинг арзини тинглади.
— Сиздан ўтиниб сўрайман. Шу қўлёзмани одамлар ўқисин.
Майли, кейинроқ, оқланиб кетсам ёки…
— Бу ёққа бер, — деди бошлиқ ўрнидан турмай.
Соддадил адиб, унга қўлёзмани узатди. Бошлиқ қўлёзмани олдию гуриллаб ёниб турган печканинг ичига отди… У яна ўша зах ва қоронғи хонада ўзига келди. «Бу аблаҳнинг олдига мени ким бошлаб борди? Оёқларимми? Мен уларни ҳозироқ кесиб ташлайман. Наҳот шунча хўрликларни кўриб ҳам кўзим
очилмади! Наҳот, бу бошда зарра ақл бўлмаса! Наҳотки, у мени жаллоддан ёрдам сўраб боришга ундади! Ҳозир… Ҳозир!…» У даст ўрнидан туриб, югуриб бориб, зарб билан бошини деворга урди. Урди ва яна ураверди. Жони чикиб кетгунча ураверди!..
Ким эди бу адиб? Қодирийми?.. Чўлионми? Ёки Усмон Носирми?!.
Қисқагина умр кўриб, узоқ яшаб келаётган зотларга қаранг...
Аҳмад Югнакий
Тушимга киради Қодирий бобом,
Бемадор, бемажол, беҳол, беором.
Эгнига эски бир тўн кийиб олган,
(Шинелдир балки у, кимдандир қолган).
Ўша тўн эгнида похол ҳам бордай,
Бобомнинг юзлари оқарган қордай.
Йўқ, юзи сомонга ўхшайди унинг,
Чарақлаб тургувчи кўзи тўла мунг...
Тушимга киради Қодирий бобом:
Тур дейди, мунча кўп ухладинг, болам.
Боқ, бу дам айланиб жўхоризоринг,
Ўроғин қайрайди онаизоринг.
У ўриб бўлгунча ризқу зарингни,
Ўйнатиб тур чиқиб, укаларингни.
Ва менинг саломим айт, дер уларга —
Бобосин соғинган мусичаларга...
Тушимга киради Абдулло бобом.
Оҳ олтин бобом-а, воҳ тилло бобом.
Қаро ер қаърида қон йиғлаб қолган
Акмал Икром бобом, Файзулло бобом!
II
Ўлган ўлди-кетди.
Ҳеч ким қайтмайди.
Нега?
Нима учун?
Бу ҳам муаммо.
Тарих соқов кампир,
Дардин айтмайди,
Айтолмас,
Унутиб ҳам бўлмас аммо.
Мана,
Қодирийни қилишар сўроқ:
«Ўтган кунлар» деган шеър сизникими?
— Ҳа.
Аммо у шеър эмас...
— Жим бўлинг, ахир.
Шеърми ё бошқами, автори сиз-да.
Тамом.
Бошқа гапга қолмайди хожат.
Терговчи — пайғамбар,
Терговчи — худо.
Темир зотдан келган буйруқ — ижозат,
Ўзбек яна битта ўғлидан жудо.
Айби шуки...
Айби...
Ким билсин буни,
Балки, жуда ноёб истеъдодидир.
Отишдимикин ё осишди уни?
Балки, хукм ижрочиси жодидир.
Жоди деганларин билишмас ёшлар,
Билмагани маъқул бундан кейин ҳам.
Жоди орасига тушганда бошлар
Одам...
Кўзимга ёш тўлар мана шу ерда.
Қўйнимга тош тўлар мана шу ерда.
Кўзимга тор бўлиб қолади олам,
Оҳ, олтин бобом-а, воҳ тилло бобом...
Ўтган кунинг қурсин, Абдулло бобом!
***
Ўй ёмон.
Ўй ёмон қийнар одамни.
Илондек юракни кемирар малъун.
Урушдан чалажон қайтган отамнинг
Қирқ йилки, тилидан тушмас Сталин...
Ота,
Қўйинг, дейман.
Отажон, қўйинг.
Умрингиз ўтмоқда кимга ишониб?
Темир косов билан кўзимни ўйинг,
Фақат бир илтимос,
Гапирманг ўшани!..
Ер эса айланар,
Юмуши мўл Ер.
Оқар юзларидан
Маржон-маржон тер...
Ўйлайман,
Заминда энг бахтиёр зот —
Ёки академик,
Ёки бесавод.
Бири ўқиганин таҳлилин сўрмас,
Бири ўқишга ҳам уриниб кўрмас...
Ўй ёмон, ўй бу — жар,
Бу жар қоронғу.
«Қайт болам!..»
Отамнинг сўзларимикин?
Бу зулмат қаърида ёнган не ёғду,
Файзулло бобомнинг кўзларимикин?
«Сен нима биласан,
Фарзанди нодон,
Урушда юртингни асраб қолди ким?..»
Ишонч қандай унвон,
Ишонч қандай шон,
Ул бузрукворимга нима ҳам дердим.
Ўлган ўлди-кетди.
Энди қайтмайди.
Нега?
Нима учун?
Бу ҳам бир жумбоқ.
Ота хатосини ўғил айтмайди,
Айтолмас,
Унутиб ҳам бўлмас бироқ...
* * *
Йиллар ҳам кўчманчи қалдирғочлардек,
Келар,
Кетаверар,
Миқ этмай, беун.
Дунёда мен ёлғиз сиғинган одам
Элимдир маҳзун.
Ўйлайман.
Уфқлар ортидан бир кун,
У аста бўйлару
Кўз тушар кўзга:
Бегуноҳ узлатга кетганлар учун
Ким жавоб беради, ўртоқлар бизга?..
Мен нима дегандим,
Нима дегандим,
Неларни қилгандим у кун васият?
Ҳурматли юртдошлар,
Азиз бошингизга,
Сталин — ўзингиз топган мусибат!..
Ўлган ўлди-кетди.
Ҳеч ким қайтмайди.
Нега,
Нима учун,
Бу энди жумбоқ.
Тарих — соқов кампир,
Дардин айтмайди,
Айтолмас,
Унутиб ҳам бўлмас аммо.
* * *
— Отанг қани, болам-ов?
— Отам Сибирга кетган.
— Онанг қани, болам-ов?
— Онам ҳам бирга кетган...
— Аканг қани, болам-ов?
— У дунёда ухлайдир.
— Уканг қани, болам-ов?
— Кўкрак сўраб йиғлайдир...
— Синглинг қани, болам-ов?
— Синглим ётар чалажон.
— Ўғлим бўлгин, болам-ов,
— Нониз борми, онажон?!
— Укамни не қиламиз?
— Эчки сути берамиз.
— Синглимни не қиламиз?
— Тутмайиз териб берамиз...
— Чолингиз қайда, энажон?
— Чолим Сибирга кетган.
— Ўғлингиз қайда, энажон?
— Ўғлим ҳам бирга кетган.
— Энажоним, энам-ов,
— Энди нима қиламиз?
— Энанг ўлсин болам-ов,
— Бир кунимиз кўрамиз!..
«Синглим Роҳатхон! Уйғунникига бориб, нарсаларимни ол. Мадамин Давроннингуйида пальтом бор. Иброҳим Назирникида этигим ҳам. Шуларни олиб келиб, менга киргизиб юбор. Кетадиганга ўхшайман…»
Тошкент қамоқхонаси.
1937 йил. Усмон Носир.
Ватан гар дилга жо бўлса,
Не истар у бажо бўлса,
Ким билсин,
Ким билсин агар,
Менинг жоним фидо бўлса,
Тирик юргаймиди ҳозир,
Усмон Носир, Усмон Носир..
Бахил бўйин эгмиш қачон,
Оқилга кун тегмиш қачон?
Ким билсин,
Ким билсин агар.
Ёмонга ҳам жазо бўлса,
Тирик юргаймиди ҳозир,
Усмон Носир, Усмон Носир.
Ғаним ҳар кимда бор, ғаним,
Ғанимда йўқ гапим маним.
Ким билсин,
Ким билсин агар,
Дўсту ёрда вафо бўлса,
Тирик юргаймиди ҳозир,
Усмон Носир, Усмон Носир.
Жонингдан айланай, юртим,
Шоиринг кўп экан, кўрдим,
Ким билсин,
Ким билсин агар,
Улардан бир садо бўлса,
Тирик юргаймиди ҳозир,
Усмон Носир, Усмон Носир.
ФАЙЗУЛЛА ХЎЖАЕВ МАРСИЯСИ
Қадим Бухорога лайлаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Ривоятлар келди, эртаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?..
Биз-ку эртакни ҳам сургаймиз кўзга,
Муштоқмиз хабарга, муштоқмиз сўзга,
Ҳаммадан ҳам кўпроқ муштоқмиз сизга
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Бобоюрт боғлари сиздан хотира,
Чақнар чироқлари сиздан хотира,
Кўзёш булоқлари сиздан хотира,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Қўймадик жойига эъзозингизни,
Айтмай кетдингиз-ку дил розингизни,
Тинглаб юрармизу овозингизни,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Йиғлар Самарқандга сирдош Бухоро,
Минорида ухлар қуёш Бухоро,
Ибн Синолари талош Бухоро,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Тупроқнинг инсонга тортиқлари кўп,
Тортиғидан жонга оғриқлари кўп,
Гуллаган воҳанинг нотиқлари кўп,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?..
Қадим Бухорога лайлаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?
Ривоятлар келди, эртаклар келди,
Ўзингиз қайдасиз, Файзулло бобо?!
«Одамлар тақдири оддий тушлик ёки кечки овқат пайтидаёқ ҳал бўларди. Суҳбат орасида кимларнингдир номлари тилга олинарди. Бирдан Сталин: «Лаврентий, чора кўр», деб қоларди. Берия эса бошқа хонага ўтиб, қайгадир қўнғироқ қиларди. У номларини айтган одамлар шу кечасиёқ қамоққа тушарди…»
Маршал Жуков хотираларидан.
***
Эй ғамдан букчайган уйлари ёғоч,
Ярми қамоқхона,
Ярми яланғоч
Мамлакат, қизларинг яшир олтинсоч —
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда!..
Байрамга қўйилган балиқдек тузлаб,
Қотиб тур жойингда, вужудинг музлаб,
Қурбонлар устига қурбонлар излаб,
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.
Бир-бирларин суяб,
Тик туриб ухлаб,
Вагон тўла боланг кетмоқда йиғлаб,
Паравозлар қайга элтмоқда йиғлаб?..
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.
Уларни кутади майдон тўла дор,
Бу дорлар остида барча миллат бор,
Жаллод — кўзойнакли илондек маккор,
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.
Кутмоқда ишқорлар қуйилган жомлар,
Бу дўзах жомида ҳар қора шомлар,
Эриб кетди не-не Акмал Икромлар...
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.
Юзин бир кўрмоққа тополмай илож,
Ким отага муҳтож,
Ким ёрга муҳтож.
Ким ёлғиз ўғли-ла дийдорга муҳтож,
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда...
Эй, ғамдан букчайган уйлари ёғоч,
Ярми қамоқхона,
Ярми яланғоч
Мамлакат, қизларинг яшир олтинсоч —
Лаврентий Павлович сайр қилмоқда.
«…Қизим Зоряни НКВД ходимлари автомобилда Малая Лубянкага олиб кетган экан. Буни биз кейин билдик. Москванинг бу бурчагида 2 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар қамоқхонаси жойлашганди.
Ундаги режим катталарникидан фарқ қилмас, болалар саҳарда уйғотилар, йигирма минутлик сайрдан сўнг эса сўроққа — терговчи ҳузурига олиб кетиларди…»
Галина Серебрякова, ёзувчи.
(«Семья» газетаси, 1988 йил март сони).
Қушлар ҳам уйқудан уйғонмай ҳали, Жовдираб бир сафга тизилар бари. Мудраб йўлга тушар терговчи сари — Икки яшар «халқ душманлари». Уларнинг гапи йўқ бўрсилдоқларда, Уларнинг хаёли — ўйинчоқларда... Ўхшайди қоракўл қўзичоқларга — Икки яшар «халқ душманлари». Қўлчаларини қўйиб оёқчасига, Ўлтирар келишгандек боқчасига, Мўлтирар терговчи таёқчасига — Икки яшар «халқ душманлари». Терговчи ҳам асли кимгадир ота, Терговчида жуда тажриба катта. Йўқ айбига иқрор бўлар, албатта, Икки яшар «халқ душманлари». Йўқ айбига иқрор бўлар ҳаммаси, Элнинг суюк болаларин боласи, Элнинг буюк болаларин боласи, Икки яшар «халқ душманлари»... Қушлар уйқусидан уйғонмай ҳали, Жовдираб бир сафга тизилар бари, Мудраб йўлга тушар терговчи сари — Икки яшар «халқ душманлари».
Тухачевскийни Ворошилов ёмон кўрарди. Унга ҳасад қилар эди.
Жуда кўп буюк саркардаларнингўлимида унинг қўли бор… Бир куни ўша қишлоқларимиз ғоят ғариб аҳволда эканлигини айтиб, Хрушчёвга билдиришини сўраганимдау кўнмади. Айтолмайман, мени Қизил майдонга дафн этишларини истайман, деди.
Маршал Жуков хотираларидан.
Россиянинг ярми хилват ўтлоқлар,
Майли, бизга бўлсин узлат ўтлоқлар,
Бизга бўлаверар
Фақат, ўртоқлар,
Климентни кўминглар Қизил Майдонга!..
Кўрган куни озор бўлган Россия,
Ўрмонлари мозор бўлган Россия,
Мозорлардан безор бўлган Россия,
Климентни кўминглар Қизил Майдонга.
Ҳаммамиздан кўпроқ «жанг» қилган ўша,
Душманлар ҳолини танг қилган ўша,
Бундай иззат учун туғилган ўша —
Климентни кўминглар Қизил Майдонга...
Хитойда ўлмаган Блюхер қани,
Қийма-қийма бўлиб чопилди тани.
Фақат удир асраб қолган Москвани —
Климентни кўминглар Қизил Майдонга.
Қайси айби учун отилди Якир
Нонушта устида сотилди Якир,
Буни ёлғиз ўша билади, ахир —
Климентни кўминглар Қизил Майдонга.
Климентни кўминглар Қизил Майдонга
Тупроқда ўзига қолди жой етмай.
Устига тош қалаб, йиғламай-нетмай,
Климентни кўминглар Қизил Майдонга!
37-ЙИЛ ЙИҒИСИ
Олов эди, шўх эди ўғлим,
Шамол эди, ўқ эди ўғлим,
Уйимда нон йўқ эди, ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?
Майли изинг қолсайди, ўғлим,
Ўғил-қизинг бўлсайди, ўғлим,
Кўриб кўнглим тўлсайди, ўғлим.
Энди менинг холим не кечар?
Тўлишган ой, тўлин ой, ўғлим,
Кетган еринг қайси жой, ўғлим?
Тилаб олган Турсунбой ўғлим,
Энди менинг ҳолим не кечар?
Ёниб кетсанг майлийди, ўғлим,
Чўкиб кетсанг қанийди, ўғлим.
Айбли бўлсанг қанийди, ўғлим
Энди менинг ҳолим не кечар?..
Деҳқон бўлсанг ўлмасдинг, ўғлим
Чўпон бўлсанг ўлмасдинг, ўғлим,
Ёмон бўлсанг ўлмасдинг, ўғлим...
Энди менинг ҳолим не кечар?
Ўқимай ўл, унмай ўл, ўғлим,
Ўқиб олим бўлмай ўл, ўғлим,
Олти тилни билмай ўл, ўғлим!..
Энди менинг ҳолим не кечар?
* * *
Менга қадрдондир унинг сиймоси
Тилим тебранмас ҳеч ёмон дейишга.
У шундай буюкки,
Йўқдир қиёси,
Қанча буюк бўлса,
Тубандир шунча...
У — ёруғ дунёда
Тенги йўқ инсон,
Қадрдон бегона.
Ёвуз меҳрибон.
Унинг бир қўли гул юрагигача,
Унинг бир қўли қон билагигача!..
Ким ёлғиз боласин тополмай гўрин,
Қонлар йиғлаб ўтган бўлса доғида,
Ўша муштипардан сўраш лозим бу —
Буюк инсон,
Буюк жаллод ҳақида.
Сўранг,
Омоч сурган болакайлардан,
Чиллак оёқларин судрашиб аранг.
Қирқ биринчи йилда,
Милтиқ етишмай,
Асирларга тушган
Аскардан сўранг.
Шунда
Аён бўлар унинг сиймоси,
У ярмин қамаган,
Ярмини қирган.
Ярмини қўйгану дорларга осиб,
Қолган ярми билан
Жангларга кирган!..
Унинг бутун умри
Жумбоқдан иборат,
У айни адолат,
У айни ғорат.
У оқил бузғунчи,
У моҳир меъмор —
Инсон суягидан солган иморат...
У халқлар қотили,
Халқлар отаси,
Тилим тебранмайди
Ёмон дейишга.
У шундай улуғки,
Йўқдир қиёси,
Қанча улуғ бўлса,
Тубандир шунча.
Йўқса, айтинг,
Ким у?
Йўқса айтинг, ким?
Ярим халқ қарғару
Ярим халқ йиғлар.
Менинг саволимга
Энг тўғри жавоб —
Бера олгувчининг ҳаммаси ухлар
Менга жуда азиз
Унинг сиймоси,
Бир қарасам,
Йўқдек сира қиёси.
У бир бағри дарё,
Бир бағритошдир,
У бир қуёш
Аммо — Қора қуёшдир!
* * *
— Умр нима, эй одам,
— Умр учиб кетган қуш.
— Армон нима, эй одам?
— Армон эсдан чиққан туш...
— Омад нима, эй одам?
— Иккала соғ қўлингдир.
— Орзу нима, эй одам?
— Орзу юрган йўлингдир.
— Ёлғон нима, эй одам?
— Ёлғон узун эртакдир.
— Ҳақ нимадир, эй одам?
— Ҳақиқат қон юракдир.
— Қайғу нима, эй одам?
— Қайғу ҳам ширин армон.
— Бахт нимадир, эй одам?
— Бахт бир бурда қора нон.
— Қора нон нима, эй одам?
— Қора нон — имон, жўра,
— Имон нима, эй одам?
— «Халқ душмани»дан сўра!..
* * *
Тушимга киради Қодирий бобом:
Болам, оқибатинг йўқ экан, болам...
Бўлса агар менинг гўримни топ, дер,
Келиб очиқ қолган кўзимни ёп, дер.
Ҳаммамизга қабр бир жойдан тегди —
Бари боболаринг ёнимда, дейди.
Қабрлар қабрга бирлашиб кетган,
Қўллар бўйинларга чирмашиб кетган,
Бамисли шохдан дув тўкилган бодом —
Ётар бепоён майдон тўла одам...
Рутубатли Шимол ўрмонларида
Қайинлар хўнграб қуёшни уйғотар.
Қаранг, Чўлпонингиз сўнгги маконида
Беқасам чопонин ёпиниб ётар.
Ётар алпқоматли баҳодирлар қатор,
Акмаллар,
Қодирлар,
Шокирлар ётар,
Ётар Файзуллолар,
Ётар Аҳмадлар,
Худо раҳмат қилгур, худо раҳматлар...
Уларнинг саноғи юлдуздан ҳам кўп,
Юртим, дилбандингдир ҳар гиёҳ, ҳар чўп,
Фидоларинг бўлган фарзандларингдир,
Номдору номсизин хоки пойин ўп!..
1988 йил.