Мени тонгда ширин уйқудан уйғотишди. Қарасам — уйқудан ҳам ширин одамлар.
Боролмайман, дедим ғудраниб. Ўзларинг кетаверинглар энди… Мени уйғотган одам буюк ҳофиз эди. Менинг борар жойим эса Буюк Бухоро эди. Бухоро мендан хафа эди…
Ҳофиз шундай шаҳарга бир марта бормаган киши одам эмас, деб айтганди. Одам бўлса бордир, аммо шоир эмас, деганди…
Тушимда йиғлаган эди Бухоро. Улуғ шаҳарни фақат улуғ зотлар овутиши мумкин.
Менинг борганимдан эса фойда йўқ. Аммо қани ўша улуғлар энди?.. Биз ҳаммамиз уйқу билан овора, Бухоро бўлса чўкиб, нураб, тугаб борарди.
Кун сайин камайиб борарди унинг дунёга машҳур обидалари…
* * *
Қандай гўзал эдинг, Бухоро,
Осмонўпар гумбазлар аро.
Мен зиёрат килиб оввора,
Тополмадим бир соғ минора.
Сен чўкибсан, ким ўсди, азиз,
Томирингни ким кесди, азиз?..
Қайдан топай қабрингиз энди,
Буюк боболарим, қайдасиз?
Сиз қайдасиз, улуғ меъморлар,
Бухорои шариф беморлар.
Бугун унинг куйган кўксига
Қулар мингга кирган деворлар.
Қулар не-не муқаддас жойлар,
Жаннатларда топилмас жойлар...
Қулар, бир пайт кирса гадойлар
Қучоқ очган карвонсаройлар...
Бухоро лол, Бухоро ҳайрон,
Арки вайрон, меҳроби вайрон,
Лаби Ҳовуз қирғоғи вайрон,
Ибн Сино арвоҳи сарсон.
Бу қандай қайғудир, ё раб,
Қайга боқма — турибди нураб.
Шаҳар ўлса дунёдек қадим,
Кўмгайлар не кафанга ўраб?..
Азал азиз, эй шаҳри Шариф,
Дарвозанг ким кетди ўмариб?
Тилла тожинг айтмайин, аммо,
Минорасиз экансан ғариб!
Бухорода қанча ҳужра бор? Буни ҳеч ким билмайди. Сабаби бу ҳужраларда илм даъво қилган барча муллаваччалар энди мулла бўлишиб ўз юртларига тарқаб кетишган. Мулла бўлолмаганлари эса ҳужралардан хафа. Гўё гап фақат ҳужрададек. Бухорода қанча ҳужра бор? Буни ҳеч ким билмайди. Билганларнинг бари ўтиб кетган. Яна бир сабаби шулки, бу ҳужралар ҳеч қайси… ЖЭКка қарамайди..
Бухорода қанча ҳужра бор? Ер юзида қанча ўқимишли одам бўлса, шунча. Демак, барча ўқимишли одамларда оқибат йўқ экан. Улар ҳужраларини ўз ҳолига ташлаб қўйган. Зах босиб ётибди бу қадимий ҳужралар. Балки худди шу сабаб ҳам нураб ётгандир Бухоро? Қадрига йиғлаб тўкилиб, чўкиб бораётгандир?..
Бухоро, сен шамга ўхшайсан,
Менинг кўнгил ҳужрамга кирган.
Тутаб, ўчиб қолай деб турган,
Сўнар сўнгги шамга ўхшайсан.
Ўзин дарди ўзига аён,
Бир мен десам, сен ҳам нотавон
Тома-тома тўлган Зарафшон,
Сен ҳам кўзи намга ўхшайсан.
Ўзингдан ол, ўзингга узат,
Сен ҳам ўзинг-ўзингни юпат.
Оқибат кўрсатиб, оқибат
Кўрмаган одамга ўхшайсан...
Минорларинг бўйлари узун,
Ўзидан-да ўйлари узун,
Эртакдайин сўйлари узун,
Сен ҳам узун ғамга ўхшайсан.
Тоқатга ўхшайсан, сабрга,
Қадри бор-у лек беқадрга,
Ёмғирлар ёғмаган адирга,
Оролсиз кўкламга ўхшайсан.
Аслида-ку, сендан-да ҳур кам,
Сендан азиз, сендайин пир кам,
Бу дунёи у дунё бир кам,
Сен ҳам бири камга ўхшайсан...
Бухоро, Ҳотамга ўхшайсан,
Ёв келса ҳам тўшак тўшайсан,
Қўлинг очиқ, кўзларинг юмуқ —
Сен менинг Отамга ўхшайсан.
Файзуллохон отасидан қолган тиллоларни ҳукуматга топширди. Бир куни «халқлар отаси» ундан сўради: хўш, отангизнинг тиллолари билан-ку, сафимизга қўшилдингиз. Аммо айтинг-чи, ўзингиз нима каромат кўрсатдингиз Инқилобга?..
Уни ўлдиришди. Қандай ўлдиришганини ҳам ҳеч ким билмади. Унинг авлоди қолмади. Унинг авлодидан фақат… Бухоро қолди. Энди Бухоро ҳам кексайди.
Файзуллохон Инқилобга бошини тикди. Шопмўйлов Сталин эса қилич билан чопиб ташлади бу бошни!..
Узилган бошдан сачраган қон Бухоро минораларига тегди. Балки, шунинг учун ҳам битта-битта қулаётгандир Бухоро миноралари?
Балки, шунинг учун ҳам шўрдир бу қадим кент тупроғи?
Балки шунинг учун ҳам сувлари тахирдир Бухоронинг?..
* * *
Поезд тунда келди Когонга,
Тиллоларни ортдик вагонга.
Янгради паровоз наъраси:
Йўлдан қоч-а, сартнинг боласи!..
Поезд елиб борар Шимолга,
Етмоққа йўл бўлсин шамолга,
Атроф бийдек туркнинг даласи,
Йўлдан қоч-а, сартнинг боласи.
Осмон тўлиб борар тутунга,
Ортда бағри тўлиб кукунга.
Бухоронинг ўчди қораси,
Йўлдан қоч-а, сартнинг боласи.
Поезд кириб келди Тошкентга,
Ҳоли қуриб келди Тошкентга.
Тамбур тўла соқчи сараси,
Йўлдан қоч-а, сартнинг боласи.
Қозоқнинг дашти ҳам кенг экан,
Бепоён бир юртга тенг экан.
Уч кунлик йўл экан ораси,
Йўлдан қоч-а, сартнинг боласи.
Соқчибоши энди хотиржам,
Қўйлар қолди ортда, отлар ҳам.
Аммо ҳамон ўша ялласи:
Йўлдан қоч-а, сартнинг боласи...
Инқилоб деб, чекдингиз заҳмат,
Файзулло, отангизга раҳмат.
Ҳали мукофот ҳам оласиз...
Йўлдан қоч-а, сартнинг боласи!
Асли инсон хоки қўйилган ҳамма жой азиз ва муқаддасдир. Бас, шундай экан, одамлар истаган қабр тупроғини кўзларига суртсин. Бундан кимга жабр бўлибди. Эътиқоди ўлик кишиларгина ҳеч кимга ва ҳеч нимага сиғинмайдилар. Кимнинг кимга сиғиниши эса ўз майлида.
Мен барча қабристонга сиғинаман, деди ҳофиз. Барча мусулмону куфр қабрига. Зеро, куфр ер юзида эмас, кўнгилда. Мен барча тоза дилга сиғинаман. Илло, тоза дилда куфрга жой йўқ…
Одамлар бир-бирларининг дилига сиғинсин, деганлар мавлоно Румий. Чунки инсон кўнглидан муқаддасроқ Каъба ҳам йўқ!
Отдим вақт юкини елкадан оша,
Йўлдан сурдим темир панжарасини,
Кўзимга ёш олиб қилдим томоша,
Ҳазрат Баҳовиддин мақбарасини.
Бухорои шариф, муқаддас бешик,
Не-не алломалар дунёга келган.
Бунга шоҳлар кирган кавушин ечиб,
Бу жойга амирлар пиёда келган.
Мен бир ғариб шоир, мен шоҳ эмасман,
Айбим ҳам эмасдир бўлолмаганим.
Фақир бўлиб ҳам бегуноҳ эмасман,
Гуноҳим — ўттиз йил келолмаганим!..
* * *
Асли дунё надир — Саҳрои кабир,
Агар азиз эрса одам-да, азиз.
Дунёга келдингми, дардингдан гапир,
Умринг ўлчаб қўймиш саробни хасис.
Мен бобом руҳини зиёрат айлаб
Карвонидан ажраб келган бўтаман.
Карвон Вақт турибди йўлимни пойлаб,
Изимни совутмай изимга қайтаман.
Лекин руҳим қолар шу харобада,
Руҳимнинг руҳларга йўл — йўлаги бор.
Аждодим кўмилган ҳар сардобада,
Менинг жонимнинг ҳам бир бўлаги бор...
Отдим Вақт тош юкин бошимдан оша,
Йўлдан сурдим темир панжарасини,
Кўзимга ёш тўлиб қилдим томоша,
Ҳазрат Баҳовиддин мақбарасини.
Ҳофизларнинг билмагани йўқ. Айниқса, мен билган ҳофизнинг. Чунки у жаҳонгашта. У айтдики, Бухорода бир мақбара бор. Кимки қандай ният қилиб, ихлос билан атрофидан етти бор айланса тилаги бажо бўлгай!..
Мақбарада тумонат одам. Бироқ, ҳатто бухороликлар ҳам бу ҳикматни билишмас экан. Ҳофизга қараб ғалати жилмайдим. У астойдил ҳафа бўлди. Шу асно бир автобус ажнабийлар келиб қолди. Фаранглар экан.
Ҳайратимни ошириб улар мақбарани етти мартадан айлана бошлашди-ку.
Ёш-яланглари хиёл кулимсираб, ҳазил аралаш, аммо ёши улуғлари жиддий ва ихлос ила айланишди.
Фарантлар кетишди. Ҳофиз ҳикмати яна ҳикматга айланди. Мақбара эса нураб бораётир.
Бухоро, сен буюк ҳикматсан. Ўз боланг ҳам қадрига етмаган ҳикмат.
***
Сени тўкилаётганинг шундан эмасми?
Биз сув ичган қудуқ ёдингиздами,
Баланд меҳробдаги муқаддас калом?
Лабимда минг йиллик ҳарорат таъми,
Мен бошқа одамман,
Мен бошқа одам.
Қаърига қарадим — кўзларим тинди.
Йўқ, кўзим очилди — қўйдиму қадам.
Ҳайратим қудуққа тўкилди, энди
Мен бошқа одамман,
Мен бошқа одам.
Мен сени ахтариб йиғлаб юрувдим,
Имоним, сен менинг топилган болам.
Чашмаи зилолда юзимни ювдим,
Мен бошқа одамман,
Мен бошқа одам...
Олисда солланар қуш босган боғлар,
Бунда хўрсинар бир қуриган бодом.
Беэга масканлар бағримни доғлар,
Мен бошқа одамман,
Мен бошқа одам.
Қанча қуш кўрмадим кириб шу ёшга,
Ҳаммаси сайроқи, хаммаси ҳотам.
Улар ҳам булбулу қудуғи бошқа,
Сиз бошқа оламсиз,
Сиз бошқа одам...
Ҳеч ким ёполмас бу кўҳна қудуқни,
Бу қудуқ ёнидан ўтгай бор олам.
Юракка жойладик илоҳий ишқни,
Биз бошқа одаммиз,
Биз бошқа одам.
Куйган жойдан куй чиқади, дейдилар. Бухоронинг эса куймаган жойи йўқ. Бунда нимаики қуламасин куй билан қулайди. Девор қуласа — куй, мақбара нураса — куй, ҳовуз қуриса — куй. Бухоро йиғлаб қўшиқ айтаётган улуғ Ҳофиз. Унинг қўшиғини барча тинглайди, унинг товуши етмаган ер йўқ, аммо одамлар бу
қўшиққа маҳлиё бўлиб, тилдан қолишган. Ҳеч ким унга ёрдам берай демайди.
Бухоронинг куйи — ажралиш куйи.
Видолашиш куйи!..
Ҳофиз мени уйқудан уйғотди. Ҳофизнинг уйқудан ҳам ширин овози мени уйқудан уйғотиб, туйғу водийсига бошлади. Бу водийнинг номи Бухоро эди… Салом, боболаримнинг бобокалони, дедим мен. Менга ҳам туйғуларингиздан беринг, дедим унга. У ҳорғин жилмайди. Тупроғим тўла туйғу, деди у жилмайиб.
Лекин сен англармикансан, болам?
Боболаримнинг бобокалони хаста. Уни меъморлар парвариш қилмоқда. Йўқ, улар фақат атрофида парвона. Нима қилиш кераклигини эса унинг ўзи айтиб турибди. Унга обидаларнинг, бетакрор қасрларнинг буюк меъмори — Синоси етишмай турибди. Улуғбек Мирзонинг назари етишмай турибди. Балки шунинг учун ҳам чўкиб бораётгандир у. Наҳот, наққош меъморлар авлоди карвони узилиб қолган бўлса. Наҳот энди Бухородан, ўша буюк ва кадимий Бухородан нишона қолмаса?.. Бухорони вақт шамоли вайрон этдими?
Балки уни туйғусиз дилларимиз пайҳон этаётгандир?..
* * *
Маъюс куним кўзим тушса,
Куяр осмон, тушунмайсан.
Мени само тушунгайдир,
Сен эй инсон, тушунмайсан...
Куйиб кўксим ўтар бўлсам,
Оқар бўлсам, кетар бўлсам,
Мени дарё тушунгайдир,
Сен эй уммон, тушунмайсан.
Мен ҳам шайдо, мен ҳам мафтун,
Мен ҳам ҳеч кими йўқ Мажнун,
Мени Лайло тушунгайдир,
Сен эй жонон, тушунмайсан.
Менинг йўлим узун армон,
Ўзим довон, ўзим карвон,
Мени саҳро тушунгайдир,
Сен эй сарбон, тушунмайсан.
Менинг борим эрур кўнглим,
Менинг ёрим эрур кўнглим,
Маъюс танҳо тушунгайдир,
Сен эй хандон, тушунмайсан....
Маъюс куним кўзим тушса,
Куяр осмон, тушунмайсан.
Мени Оллоҳ тушунгайдир,
Сен эй хоқон, тушунмайсан.
Кўнглим гул, кўзларим гулдир,
Юзим гул, қўлларим гулдир.
Мени сабо тушунгайдир,
Сен эй тўзон, тушунмайсан...
Ғуборимдир бўйи райҳон,
Миноримдир тилим бийрон.
Мени дунё тушунгайдир,
Сен эй нодон, тушунмайсан.
Бухорода бир пайт оҳулар бўлган — Хонгули деган. Холдор оҳулар… Улар мени тушларимда йўқлайди. Шундоқ тепамга келиб, жилмайиб, юзларимни искайди.
Отингдан айланай, Муҳаммад, бунча кўп ухлайсан, дейишади. Мен ҳар тонг қайдасиз, оҳуларим, деб уйғонаман. Ҳали кўзимни очмай дунёга савол бераман. Қадим Бухоронинг оҳулари қайга кетиб қолди, дейман.
Дарёлар қурийди. Тоғлар чўкади. Китоблар ёнади.
Дунёда фақат бир нарса — саволларгина абадий.
Саволлар кийик сўқмоққа элтувчи йўлакдир. Кўксингда саволинг бўлмаса дунёга нега келдинг, отингдан айланай, Инсон!
* * *
Тош шаҳрида уйим —
Болохона эди,
Бир бурчаги ўрин,
Бири китоб бари...
Менга тинчлик
Бермай қийнар
Мана энди,
Тушларимда,
Бухоронинг оҳулари.
Айтматовга
Хатлар ёздим,
Жавоби йўқ.
Шеърлар ёздим,
Босишмади,
Ҳисоби йўқ.
Муҳаррирлар
Борсам қоши
Уюлади,
Кўрамиз дер,
Кўрмас,
Ташлаб қўйилади,
Менга —
Ҳасад
Қилишгандек туюлади..
«Ўғлим шоир!..»
Онам еру кўкка
Сиғмас,
Тонгда ишга,
Оқшом чопар
Фолбин сари.
Биров билар,
Биров кулар,
Биров уқмас —
Тушларимда
Бухоронинг оҳулари.
Бир кун ахир,
Рост сўзини
Айтди биров,
Бир бўғиндан
Оз сўзини,
Айтди биров.
Айтмай қилган
Ноз сўзини
Айтди биров...
Тупроқ йўлдан
Чўғлар босиб
Қайтди биров.
Бу дунёнинг
Ширин дарди
Шеърлар экан,
Менга забон
Берган манов —
Ерлар экан.
Қоним унинг
Ҳаяжони,
Туйғулари,
Кулгилари,
Қайғулари,
Йиғилари,
Тушларимда
Бухоронинг оҳулари...
Айтматовга
Хатлар ёздим,
Жавоб келди.
Шеърлар ёздим
Ҳисоби йўқ —
Китоб бўлди.
Муҳаррирлар
Борсам қучоқ
Очишади,
Ўқиймиз дер,
Ўқимасдан
Босишади.
Менга —
ҳавас
Қилишгандек боқишади.
Фолбин кампир
Айтганлари
Ёлғон бўлди
Ёмон бўлди,
Бир қишлоққа
Достон бўлди.
Ҳузурига
Ўша оқшом
Онам шошиб,
Қўли қуруқ
Борган экан,
Армон бўлди...
Армоним кўп
Бу дунёда
Ўзимнинг ҳам,
Давоми кўп,
Сизга айтар,
Сўзимнинг ҳам.
Дилни ёқиб,
Тилга чиқмай,
Қолганларин,
Қўшиғимга
Бу кун сиғмай
Қолганларин,
Айтсам барин,
Айтсам барин,
Айтсам барин —
Тушингизда
Бухоронинг оҳулари!..
Қара, райҳон, деди у бир мақбара олдида менга, — кимдир экиб кетибди. Ташландиқ ҳужра ҳовлисига бу жаннат гулини эккан одамни топдим. У ҳамон ҳарбий хизматдан қайтган кийимида юрган, бир оз ақли заифроқ йигитча экан. Ҳофиз йигитчага яп-янги костюмини ечиб берди. Йўқ, олдин костюмнинг чўнтагига билдирмай пул солиб, кейин ечиб берди. Нима қиламан буни, дейди у бизга! Шу жойга қараб юрар экан, зиёратчилар онда-сонда бериб кетадиган нон, қанд-қурсни кўрсатиб, мақтанди. Биз у билан бирга чой ичдик. «Шу бир меров болангча сенга парвона бўлолмаймиз, Бухоро». Бу — ҳофизнинг гапи.
Кетар пайтимиз у бирдан шундай деб сўраб қолди:
— Ҳофиз ака, Шукур Бурҳон ўлдими?..
Ўшанда ҳофиз менга шеър ёзасан, деган эди. Райҳон ва Шукур Бурҳон ҳақида. У ҳам Бухородайин қадр топмади, деган эди.
Райҳонни Шукур Бурҳон қабрига қўйдим. Шукур ота ҳақида эса ёздим шеър.
Бу шеъримни ўша ғариб укам учун ёздим.
Шукур Бурҳонни ҳам кузатиб қўйдик,
Кетди қон юраги устида қўли.
Ортидан эргашиб бориб биз қўйдек,
Ерга бериб келдик ўпкамиз тўлиб.
Бордик дўстлари ҳам, душманлари ҳам,
Қабрин устида ҳам сўйладик ёлғон:
Санъат фидолари,
Мен сизга айтсам,
Ундай Шукур Бурҳон,
Бундай Шукур Бурҳон!..
Тиригида ҳеч ким айтмаган гаплар,
Ҳали совумаган тупроғига ёғди.
Йиғлади умрида йиғламаган арбоблар,
Кўзидан ёшлари сел бўлиб оқди...
Ялангтўш бобо жим кулиб ётарди,
Шунча дўсти бор экан, у билмаганди.
Ёпирай, тасаввур ҳам қилмаганди,
Чунки уч кун олдин почтадан олғон
Меҳнат дафтарчасин қучоқлаб ҳайрон
Хотини олдида шундай йиғлаганди...
Украб йиғлаганди,
Ҳўнграб йиғлаганди.
Кўзига тор бўлиб ёруғ жаҳони.
Эркак боши бундай эгилмаганди,
Балки... узилгандир ўшанда жони!
У балки мендан ҳам яшарди кўпроқ,
У балки сендан ҳам яшарди кўпроқ.
Эй, қўнғир тупроқ,
Эй, муқаддас тупроқ,
Сен Шукур бобога болиш бўл, юмшоқ.
Мен ҳам Оролман. Бухоро ҳам — Орол. Мен Орол ҳақида янги қўшиқ қилдим. Уни Бухорога бағишлайман, деди ҳофиз. Агар Оролни қўшиқ билан тирилтириб бўлсайди. Агар Бухорони қўшиқ билан асраб қолиш мумкин бўлсайди. Ҳофиз жони чиққунча қўшиқ айтган бўларди!
Бухоронинг кўҳна қудуғидан сув ичган ҳофиз…
Биз баримиз Орол ва оролчалармиз. Токи бир-биримизни асрашни билмас эканмиз, битта-битта қурийверамиз. Оролнинг жони оролчалар қўлида.
Оролчалар эса одамларнинг кўксида. Одамларнинг кўкси эса бир-биридан сув ичади…
Орол денгиз, Орол бечора денгиз,
Зилол денгиз увол-оввора денгиз,
Бахти қора, манглайи қора денгиз,
Кўз ўнгимда, кўз ўнгимда берар жон...
Қани қадим қирғоғида боғлари,
Тупроғи юзида ажал доғлари,
Сомондай сарғайиб қизғалдоқлари,
Кўз ўнгимда, кўз ўнгимда берар жон.
Жовдир-жовдир жайронларин кўзлари,
Қирғоғида қотиб қолган бўзлари.
Қовжираган ерга босиб юзларин,
Кўз ўнгимда, кўз ўнгимда берар жон.
Кирғоғидан қирғоғимга қум кўчди,
Момо юртга сиғмай тағин ким кўчди?
Тағин қайси уйим чироғи ўчди,
Кўз ўнгимда, кўз ўнгимда берар жон...
Мен ўйладим — бу дунё жанг майдони,
Орол уммон эмас — тўлиб паймони,
Алпомишдай юртимнинг бир ўғлони
Кўз ўнгимда, кўз ўнгимда берар жон.
Руҳи жонинг чўкмасин, эй қадрдон,
Кўйлаги қон, кўкраги қон паҳлавон.
Сенсиз менга тор кулбадек бор жаҳон,
Кўз ўнгимда, кўз ўнгимда берар жон...
Осмонларга қўли етган давроним,
Топ бир чора, бўлмагил безабоним.
Пешонамга битган ёлғиз уммоним
Кўз ўнгимда, кўз ўнгимда берар жон!
ХОТИМА
…Тонгда ширин уйқумдан уйғотишганди.
Уйқудан ҳам ширин одамлар. Мен бормайман, дегандим.
Мени кечир, Бухоро. Бормайман деган тилларим кесилсин яна айтсам. Ушбу ғариб мисралар учун ҳам кечиргил мени. Мен дилимдагини ёздим. Дилимда эса сен эдинг. Қандай бўлсанг — шундайлигича. Сенинг хаста жонинг ором топишига ишонаман.
Аммо бардам бўл, отингдан айланай, ота маконим.
Шеърларимни эса ҳув ўша, ҳужраларингни супуриб-сидириб юрган ақли ожизроқ ўғлингдек, унинг райҳонларидек пойингга сочаман. Жонингга малҳам бўлсин бу нақли ожиз мисраларим…
1987